Шерзод Комил Халил
Бу кутубхонани ҳеч унутмайман
Бу кутубхонани ҳеч унутмайман,
Унда на ёлғону ўтрик бор эди;
Дарахтзор ортида сув оқарди шан,
Анҳорни устида кўприк бор эди.
Бу кутубхонани ҳеч унутмайман,
Кунга қараганди деразалари;
Соат бир маромда чиққиллаб теран,
Вақтни ўйлатарди дил ларзалари.
Бу кутубхонани ҳеч унутмайман,
Унда мен бор эдим ва бор эдинг сен;
Нега ҳеч севишни олмас эдинг тан,
Кўксимда сақлардим журъатимни мен.
Бу кутубхонани ҳеч унутмайман,
Ўқисанг китоблар шитирлар эди;
Айтсамми, мен сени қаттиқ севаман!
Айтмасам юрагим питирлар эди...
Бу кутубхонани ҳеч унутмайман,
Бахтли эдим, дердим, бас, паймона йўқ.
Дунё қандай гўзал, қандай бешикан,
Дунёда бундайин кутубхона йўқ!
5.01.2025.
Тошкент.
@Sherzodkomilkhalil