View in Telegram
Шерзод Комил Халил Фалсафа магистрининг эсдаликлари... *** Фрейд -  чинакам даҳо. Адабий ўтмишга қарши чиққан Марсел Пруст Франц Кафка орқали айнан Фрейд ишлатган руҳий таҳлилдан таъсирланган. Ички дунё, хотиралар, вақтнинг субъектив таърифлари, ҳамма-ҳаммасида фрейдча изларни сезиш мумкин. Ҳатто буни ирланд миллий анъаналарини ислоҳат билан баён қилган Жойсда ҳам кўриш мумкин. Жойс ҳам худди Пруст каби субъектив вақт ва ички кузатишга катта эътибор қаратган фрейдча анъаналарга йўналганлигини кўриш мумкин. Пруст «Йўқолган вақтни излаб» туркумларида синкретик воситалар орқали воқеаларни ўзаро мураккаблиги билан акс эттиришга ҳаракат қилса, Жойс рефлексив монологлар, тимсоллар билан буни ифодалайди. Фрейд санъатга, эстетика тарихига, адабиётга ва фалсафага шундай таъсир ўтказади. У туфайли биз шахсан менга ёқмайдиган XIX- асрнинг монотон адаётини таъсиридан қутилдик. Аввал Кафка, сўнг Пруст ва Жойс катта йўлларни очиб юборди, аммо бу тамал тошини Фрейд қўйганини ҳеч қачон унутмаслик керак. Албатта бу менинг фикри ожизим, мен шундай ўйлайман... *** Кьеркегор диний нуқтаи назардан иймонни шахсий танлов ва ўзига хос тажриба деб ҳисоблаган. У иймон ҳар доим шубҳа ва қайғулар орқали ўтиши керак, фақат шу ҳолатда у ҳақиқий бўлади, дейди. Бизни ислом динимизда эса иймонда шубҳанинг роли бўлиши мумкин эмас. Иймоннинг етти шарти мусулмон одам сўзсиз ишониши керак бўлган омил сифатида қаралади. Мен иймонга кьеркегорча шубҳа ва қайғулар орқали бориш йўлини ёқлайман. Иймон бу инсонни ички кураш йўлига айланиши керак. Ҳеч бўлмаганда менинг йўлим шундай бўлади. Кўр-кўрона эътиқод саволлар фалсафасини рад этади, у сояни кўради, лекин дарахтни эмас. Иймон йўли биз ҳаётда излайдиган энг муҳим нарса. Балки адашаётгандирман, аммо назаримда адабиёт ҳам, фалсафа ҳам, ҳатто бошқа танловлар ҳам ана шу йўл курашларининг маълум маънодаги ифодасидир. *** Мени мантиқ ва эстетика ўртасидаги чегаралар доим қизиқтирган. Чунки мантиқ ҳар доим аниқлик ва ҳал қилув жараёнларига асосланса, эстетика абстракт туйғулар: гўзаллик, мўъжизавийлик, ижодий ҳислар ва санъатнинг бошқа иррационал дунёси билан чамбарчас боғланади. Шундай вақтда ўзаро чегаралар ўртасидаги мувофиқлик чиндан қизиқ туюлади. Эстетика шубҳасиз туйғулар ва композицияларни тузишда мантиқий структуралардан фойдаланади. Ритм, гармония, вазн мантиқдан қочган заҳоти ўз аҳамиятини йўқотади. Рамзлар, ишоралар ва метафоралар қанчалик теран маънога эга бўлмасин улар эстетик кўринишда мантиқий боғланишларга эга бўлмаса, ўзининг назарий қийматидан мосуво бўлади. Мантиқ инсон кўнглида пайдо бўладиган эстетик ҳиссиётларни ёритишда ёрдам беради. Санъат, у қандай шакл ва мазмунда бўлишидан қатъий назар, агар унинг мантиқий асоси бўлмаса, юзага чиқа олмайди. Бу энг муҳими. *** Ҳар қандай адабиёт агар бирон фалсафий заминдан ўсиб чиқмаган бўлса, узоққа бормайди. Масалан, Кьеркегор, Борхес, Сартр, Камюлар экзистенциализмдан ўсиб чиққан. Умберто Эко, Томас Пинчонлар постмодернизмдан. Феноменология, структурализм, постструктурализм, руҳий таҳлил(психоанализ) ва бошқалардан ўсиб чиққанлар ҳам талайгина. Бизнинг XX-аср ўзбек адабиётини катта қисми марксизмга пайванд қилинганди, ҳозир замонавий аёллар адабиётини феминизмга пайвандлашга уринишлар сезилмоқда. Яхши, қарши эмасмиз, фақат бундай пайвандлаш биргина ғоялар тизими билан боғланиб қолиши керак эмас, марксизм мисолида бунинг аччиқ тажрибасини кўрдик. Адабий ривожланиш бу кўпдан-кўп ғояларнинг тизимли ва баъзан хаотик ривожланишидир, шуни унутмасак кифоя. *** Бадиий асарларни эстетик таҳлил қилиш принципларига эътибор қилишимиз керак. Бунда асосий жиҳатлар бадиий асардаги гармония ва симметрия, унинг шакл ва мазмуни, рамз ва метафоралари, тасвир колорити ва мусиқийлиги, темперамент ва эмоциялар, композиция, гўзаллик, хунуклик, улуғворлик, тубанлик, фожеавийлик, кулгулилик ва бошқа эстетик категорияларни қандай акс этганига қаратилиши керак. Албатта принциплар аллақачон назария сифатида мавжуд, аммо улар амалиёт сифатида жуда камдан-кам ҳолда намоён бўлади. Мен ўзбек адабиётида шундай эстетик таҳлилларни ўқишга доим эҳтиёж сезаман. @Sherzodkomilkhalil
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily