View in Telegram
Марсел Пруст Ўлдирилган черковлар хотираси (давоми, боши олдинги саҳифада)         Шунга қарамай мен ҳеч бўлмаганда, айвонни ўраб турган тош саҳнга қўл теккизишни истаб, олдинга юрдим ва бу ердаги йўл қаторлари орасидан, бир пайтлар Англия қироли Генрих II нинг аквитаниялик Элеанора билан никоҳ маросимидаги тўй кортежи ўтганини эсладим. Мен босиб келаётган зулмат ичра бу ерларни сўнги бора кўриб қолиш учун бир тутам нур қидираётганимда тош саҳндаги кенг рельефни магистрал томондан туйқусдан ёрқин ёруғлик ёритиб юборди. Бу менинг ҳайдовчим, зукко Агостинелли эди, у менга қадимий ўймакорликни сабоқларини ўқишим учун ўтмишни ёритиб, машина фарасини фасадга қаратганди, токи мен бежирим гулдор безакларга нигоҳ юритишда давом этарканман, у нурни бир жойдан иккинчи жойга силжитишга сезгирлик билан ҳаракат қилди.      Мен машина ёнига қайтганимда атрофда қизиқувчан болалар йиғилиб қолганлигига эътибор қаратдим: улар фаралар томон эгилиб, унинг чироқлари нурида фаришталар суратларидаги Рождество фрескалари қандай жилва қилишини кузатишарди. Дарҳақиқат биз Лизьёдан чиққанимизда, аллақачон қоронғу қуюлганди; менинг ҳайдовчим кенг резинали копюшон кийганди, бу унинг ёш, соқолсиз юзини юмалоқ қилиб кўрсатар ва унга ўзига хос беўхшовлик ато этарди. У машинада бир зум ҳам тўхтатмасдан мусиқа қўйиб борар, бу мусиқа унга Цецилия* мусиқаларидан кўра ҳаёжон бахш этар, табиийки, мен у регистрларни ўзгартираётганида буни сезардим, ҳайдовчи куйларни дидига мос равишда тезликда ўзгартирар, ундаги ҳамма нарса, таъбир жоиз бўлса, рақамлар ва рамзлардан иборат бўлиб, эфирда айланаётган оҳанглар билан шофёрнинг ҳатти-ҳаракатларида ўзига хос уйғунлик бор эди. Шунга қарамай у кўпинча бир қўли билан рулни ушлаб турар, бу ҳолат - Сент-Шапел устунларида турган ҳаворийлар томонидан тутилган хочга жуда ўхшашиб кетарди. Унинг ўзи эса Париждаги, авлиё Бенедиктнинг хочли, умуман ўрта аср санъатига хос черков орденларидаги тасвирларни ёдга солар, бу ўз навбатида ўтган ва ҳозирги цивилизацияларимиз ўртасидаги уйғунликка ишора қиларди. Гарчи у ортиқча ҳеч қандай ҳаракат қилмас, билъакс, бутунлай ҳаракатсиз қотиб қолган, рулни шундай ушлаб туришгагина ярайдиган рамз каби туюларди менга; ахир черков фрескаларида ҳам бизнинг азизларимизнинг бири - лангар, иккинчиси - ғилдирак, бошқаси - арфа, ўроқ, машъала, ов найзаси каби буюмларни ушлаб туриши билан бу боғлиқликни эслатмайдими?! Одатда бу нарсалар бизнинг турмуш тарзимизнинг маҳсули бўлган ҳунармандчиликни эсга туширади, лекин улар баъзан вафот этиб кетган одамларнинг ўлимини ҳам ёдга солади; ёш ҳайдовчининг қўлидаги рул доимо унинг истеъдодининг рамзи бўла қолсин, шаҳидлик прототипи эмас! Алоҳа, ўша тун биз аллақандай қишлоққа қолишга мажбур бўлдик ва бу ердаги одамлар билан бир неча дақиқадан сўнг, орамиздаги темир тўсиқларни бартараф этиб, ўзимизни ҳақиқатан ҳам машинада саёҳатга чиққан саёҳатчидек ҳис қилдик. Мен бу ерда фламанд суратларидаги видолашиш қадаҳларини, Кёйп * * * картиналаридаги манзараларни, Рёскин айтганидек, "кўринишидан ақлли жавоб бермаслиги кўриниб турган ўткинчиларни" кўрарканман, куз бошида қуёш ва шамол остидаги бу қишлоқда Лафонтен * * * * масалларидаги эртаклар дунёсига тушиб қолгандек бўлдим. (давоми бор) Таржимон изоҳлари: * Муқаддас Цецилия - Милодий 200-230 йилларда Римда яшаган бокира Санта Цецилия. У христианлик йўлида шаҳид бўлган. Католик черковида XVI-асрдан бошлаб черков мусиқасининг ҳомийси саналади. ** Авлиё Бенедикт - Бенедикт Нурсия(480-547) - Ғарбий Европа монастирларининг ислоҳатчиси. Европада биринчи монастир орденининг асосчиси, католик ва проваслав черковларининг авлиёси. Европанинг самовий ҳомийси. *** Кёйп картиналари - Альберт Якобс Кёйп(1620-1691) голланд рассоми, барокко даврининг график рассоми, у уймакорлик билан ҳам шуғулланган бўлиб, ўзининг ландшафтлари билан машҳур бўлган. Амстердамдаги эски кўча бозори ҳозирда унинг номи билан аталади. * * * *  Лафонтен - Жан де Лафонтен(1621-1695) француз масалчиси. Унинг адабиёт тарихи учун аҳамияти шундаки, у антик муаллифлардан сюжет олиб, масал жанрида янги масаллар яратган. @Sherzodkomilkhalil
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily