Марсел Пруст
Ўлдирилган черковлар хотираси
(давоми, боши олдинги саҳифада)
Юриб борарканмиз яна бир кечикиб учраган қўнғироқ минораси(Нажоткор черкови шекилли) қаршимизда дадил намоён бўлиб, эски минорлар қаторидан жой олди. Бу миноралардан таралаётган ёруғлик жилваси, унинг қуйида намоён бўлаётган шаҳарнинг шидду-шаҳдига аралашиб, у билан бир мажмуа ўлароқ қўшилиб кетарди. Мен ҳайдовчидан Сент-Петр қўнғироқ минорасида бир зум тўхташни сўрадим. Гарчи бу маъбад жуда яқиндан кўриниб турган бўлса-да, биз соатга қарадик ва унга етиб бориш учун қанча вақт кетишини тахмин қилдик, аммо бу мен кутганимдек узоқ вақтни олмади, билъакс, машина тезда маъбад томонга бурилди ва уни бўсағасида ўзимизни кўрдик. Шунда менга бизни узоқ вақтдан бери қанча саъй-ҳаракат қилганимизга қарамай етиб бўлмайдигандек кўринган маъбад сари имиллаб йўл босганимиз, аммо эндиликда, оз фурсатда етиб келганимизга қараганда, қанчалар тез ҳаракатланаётганлигимиз аён бўлди. Тепамизда осилиб турган улкан миноралар сари шу қадар тез суръатлар билан яқинлашдикки, агар ўз вақтида секинлашмаганимизда, машина маъбад айвонига қадар кириб бориши ҳам ҳеч гап эмас эди. Иттифоқо, биз йўлимизда давом этдик. Кан аллақачон ортда қолган эди; у бизни бироз кузатганидан сўнг, ортга қолганча ғойиб бўлди, биз эса уфққа туташиб кетган Сент-Петр икки қўнғироқ минораси томон ҳаракатланишда давом этдик. Бу муқаддас Стефан ва авлиё Петр миноралари эди. Петр майдонининг қуёш ботаётган саҳни аввал биз билан илкис хайрлашди. Улар аста-секинлик билан ортга чекина борди, олддаги миноралар эса, назар солишимиз учун ўз маҳобатини эътиборимизга ҳавола қиларди; гарчи бу миноралар борган сари биздан олисда қолаётган бўлса ҳам. Ҳа, улар олтин ёмбилари каби биз муюлишлардан бурилишимиз билан ғойиб бўларди. Бироқ Кан водийси бўйлаб елиб борарканмиз, бу миноралар яна кўзга ташланар, кўк гуҳарида бўялган иккита гул каби пастак далалар узра баъзан олисдан, баъзан яқинроқ масофадан бизни қаршиларди. Сент-Петр миноралари афсонадаги учта қизга ўхшарди, улар шом қоронғулигида гўё адашиб қолгандек эди; биз улардан узоқлашар эканмиз, бу даҳри дун узра улар қандай қилиб қўрқоқлик ила йўл қидираётганини, бир неча ноқулай уринишлардан сўнг, кўп бора қоқилиб, уриниб-суриниб, бир-бирининг ортига яшриниб, осмоннинг пушти манзаратида бир қоронғу нуқтага бирлашиб, мафтункор ва дилбар қиёфасини ибо билан беркитганча, итоаткорона енгил туман тутунида эриган каби ғойиб бўлаётганлигини кўриш мумкин эди.
Ўша куни кечқурун ота-онамнинг олдига боришга фурсат топишга қанчалик ҳаракат қилмайин, мен қоронғу тушмасдан Лизьёга боришдан деярли умидимни уздим, хайриятки, келишим ҳақида мен уларни огоҳлантирмагандим, билъакс, тўсатдан, қуёш ботишидан олдин, мен шундай қарорга келган ва йўл тадоригига тушгандим. Биз жадал суръатлар билан югураётган бўшлиқда қуёш ботишини тўхтатиб қололмасдик албатта, бинобарин, биз йўл бўйлаб ўтган ва ботаётган қуёш нурида мисли ярадор каби қизғиш тусга кирган бинолар, уларнинг баланд бинафша мўриларида Лизьёнинг бутун фасоҳати акс этарди; Бир зумда ҳамма нарса ўзгарганини кечки салқинда биз Офевр кўчасининг бир бурчида тўхтаганимизда, авлиёлар ва жинларнинг маскани бўлган, гулдан тож кийган, дераза баландлигида ўйилган ёғоч пояли эски уйларга кўзимиз тушди, бу гўшалар гўё XV-асрдан бошлаб умуман ўзгаришга юз тутмаганга ўхшарди. Автомобилларнинг носозлиги ва йўллардаги тирбандлик бизни Лизьёга қоронғу тушмасдан кириб боришимизни кечиктирди, бу ердан жўнаб кетишимиздан олдин мен собор гумбазидаги гулли безакларни яна бир бор кўрмоқчи бўлдим, ахир бу ҳақда кимсан Рёскин* ёзган, лекин шаҳар кўчаларини ёритаётган хира мой лампалари майдоннинг ўртасида бўлгани учун қоронғулик чўмиши билан маъбад деярли зулматга ботарди.
Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси
Таржимон изоҳлари:
* Рёскин - Жон Рёскин(1819-1900) - инглиз ёзувчиси, рассоми, санъат назариётчиси, адабиётшунос ва шоир. У XIX - асрнинг иккинчи ярми ва XX - аср бошларида санъат тарихи ва эстетика ривожига ҳисса қўшган. Инчунун унинг таъсири Марсел Прустга жуда катта бўлган.
@Sherzodkomilkhalil