***
Ҳар кузакда бир баҳор,
Ҳар жарангда бир сукут.
Ҳар гувоҳда бир иқрор,
Ҳар соғинчда бир унут.
Ҳар андуҳда бир кулги,
Ҳар ёғдуда бир Ватан.
Ҳар юракда бир туйғу,
Ҳар вужудда бир кафан.
Ҳар миллатда бир тождор,
Ҳар бахтлида бир армон.
Ҳар юксакда бир ҳоксор,
Ҳар тоатда бир исён.
Ҳар тўнганда бир пайдо,
Ҳар фақирда битта тахт.
Ҳар инсонда бир иншо,
Ҳар сўнганда- битта шаҳд.
Ҳар дармонда битта дард,
Ҳар висолда бир ҳижрон.
Ҳар қўрқоқда битта мард,
Ҳар ғарибда бир султон.
Ҳар унганда бир умид,
Ҳар тинганда бир дарё.
Ҳар қабрда бир вужуд,
Ҳар заррада бир дунё...
Самариддин Саййидзод
@Sayyidzod