Ота уй
Аввал опаларим кетди,
Сўнгра дарахтлар...
Ёр-ёр кетди,
улар билан Баҳор кетди...
Онам борда қалдирғочлар йўқлаб турди,
Отам борда, бошим тожлар йўқлаб турди.
Бир йўл тушди, борса келмас томонларга,
Отам уйин тутиб турган девор кетди...
Тўрт томонга етди, юртга керакларим,
Тулпор эди, тутун бўлди юракларим.
Боғчасига нарвон бўлган теракларим,
Ўтин бўлди, бегонага бир ёр кетди...
Ҳаёт кутиб олди баъзан гуллар билан,
Ва бошимга оқлар экди дўллар билан.
Шунча йиллар кетди, қайси йўллар билан,
Тун кетдими, ва ё пешин, наҳор кетди...
Етти юртга ошён қурган, эй қушларим,
Бугун сизга ота уйдан товушладим.
Болаликда бутун бўлган ковушларим,
Ертилдими Отам қайси бозор кетди.
Самариддин Саййидзод
02.05.2024.
@Sayyidzod