Қисқа қилиб айтганда, “Тонготар” асарида ўзбек аёли тимсоллари яратилган – шоираи даврон Нодирабегимдан тортиб айни дамга қадар етимхоналарда узиб топталган ғунчаларгача. Эҳтимол, бошқа мамлакатларда аёл зоти бир марта туғилар (ахир уларни жуда яқиндан билмаймиз-ку), лекин ўзбек аёли ҳеч бўлмаганда икки марта туғилади. Агар иккинчи туғилишни уддалай олмаса, хорлик кўчаларидан ҳеч қачон чиқа олмайди. Романни ўқирканман, кўз олдимдан бир ваҳшат ўхшатиш ўтаверди. Инсон танаси гўштқиймалагичдан чиқарилаяпти. Тирик вужуд майдаланиб ҳамда қоришиб кетган гўштга айланиб қолди. Ва тамом. Ва асло тамом эмас. Ўзининг ҳар бир ҳужайрасини йиғиб-териб, қайта барпо бўлаётган, тириклик қўшиғини аввалида шивирлаб, сўнгра баралла куйлаётган АЁЛни илғадингизми? У иккинчи марта туғилди. Шапалоққа кўтарилган қўлларим билан энди унинг бошини силайман: “Ҳаёт муборак, гўзалим!” Ҳа, “Тонготар” мутолааси мени туйғунинг нафрат қитъасидан шафқат қитъасига бирзумда ўтказиб қўйди!
Кетма-кет кулфатлардан сўнг инсон олдин эзилади. Сўнг ғазабга тўлади. Фитратда шайтонга шериклик бошланади баъзан. Жумладан, у: «Агар Худо бандаларини яхши кўрганида, эркини шайтоннинг қўлига бериб қўймаган бўларди, бу тахлит гуноҳга ботишини истамаганида жаннатда олиб қолган бўларди. Биргина хатоси учун қувмаган, сургун қилмаган бўларди», дея ўйлай бошлайди. Кўпчилик шу каби фикрлар оқибатида шайтон билан шартнома тузганини билмай ҳам қолади. Жабрдийда одам қасос олиш истаги билан ўзига таскин беради. Доно инсонгина ўзни қасос ўтида қовурмайди, ҳаётни севишда давом этади. Асар якуни менга шунинг учун ҳам жуда ёқдики, ундаги ҳар бир қаҳрамон ўз қалбини тафтиш қиларкан, ҳеч қачон зулмга қўл бермаслик кераклигини англайди. “Оловга қарши олов билан курашилмайди!” деган қарорга келади. Одам ва оламнинг бир бутунлигини таъкидлайди. Романда кўтарилган муаммолар тасодифлар орқали ечилади. Зеро, Буюк Чеварнинг мураккаб ҳал этувлари бизларга тасодиф бўлиб туюлади.
Роман воқеалари Нодирабегим фожиасидан бошланиб, бугунги давримизда рўй бераётган воқеаларга уланиб кетади. Шов-шувли ҳикоя – ўзи ва болаларини анҳорга ташлаган аёл, хонадонига ўт қўйган, фарзандини ташлаб кетган, етимхоналарда зўрланган қизчалар воқеаси акс этган. Уларнинг бунга қадар келган йўли ва кейинги кетажак йўллари, руҳий эврилишлари, қайта тирилишлари тасвирланган.
Асарнинг номи “Тонготар” деб номланишида рамзий маъно бор. Асар қаҳрамони ҳам ғайриихтиёрий тарзда ҳар куни кузатадигани дайди аёлни уйига олиб келиб парвариш қилишга аҳд қилади. Шу воқеадан сўнг асар қаҳрамонлари ҳаётида янги саҳифа очилади. Чунки дайди аёл унга бегона эмас эди, у эрининг аммаси, дугонасининг онаси эди. Бу бутунлашув эди...
Тунда олинган қарорлар тонгни белгилаб беради. Тонг тундан бошланади. Тун ботмаса, кун ҳам отмас эди...
Дилрабо Мингбоева