ШУ СУВРАТДА МЕН ЭНГ ГЎЗАЛ АЁЛМАН!
Курашлардан иборат бу дунёда инсон ютиш истаги ила яшайди. Аммо ютгандан кўра гашти кўпроқ ютқазишлар ҳам бор. Болангнинг олдида ютқазиш, шогирдинг олдида ютқазиш. Ҳа, жудаям ғалати ҳис бу. Болам билан шашка ўйнасам, ютиш учун жон-жаҳдим билан курашаману, ютсам хафа бўламан, ютқазсам, бир чимдим мағлубият аламига бир ботмон ғолиблик нашидаси қоришиқ қувонаман. Рақибини ютган боламнинг пешонасидан ўпиб қувонаман...
Шашка ўйинида мағлублик ичра ғолибликни совға қилгувчи кичик мусаввирим Комронбек бугун менга ўз ижоди, меҳри ила буткул ғолиблик ҳиссини ҳадя этди. Каминаи нокамтарин бутун оламга мағрур боқиб мақтанаяпман: мана, кўриб қўйгин, эй олам, совғаларнинг энг аълоси менинг қўлимда! Ахир, болам ўз қўллари билан ишлаган суврат бу! Шу сувратда мен энг гўзал аёлман!
"Она, кўринг, қандай бахтлиман,
Кулиб тушган сувратларимда", деган сатрим бор эди. Бироз ўзгартираман:
"Мана, кўринг, қандай гўзалман,
Болам чизган сувратларимда.
😊
https://t.center/Oydinniso_Yuldosheva