САЛЛАНИ ОЛ ДЕСА КАЛЛАНИ ОЛМАНГ
ёхуд
БИЗ ҚАЧОН ЗОҲИРПАРАСТЛИКДАН ХАЛОС БЎЛАМИЗ?
Масжид яқинида яшайдиганларга ҳавасим келарди. Қандай яхши, ҳар тонгда азон товушини тинглаб кўз очади. Кўчасидан ибодатгўй, Оллоҳдан қўрқадиган, яхши амаллар қилгувчи одамларнинг қадами аримайди. Болалари ана шу муҳитнинг ичида, улардан улгу олиб катта бўлади, деб ўйлардим. Масжид ва қабристон атрофида яшайдиганларнинг хонадонига барака ёғилади, дердим. Аммо куни кеча, муборак Рамазон ҳайити арафасида Янги ҳаёт тумани, Чортоқ маҳалласидаги Бердиёр ота масжиди атрофида содир бўлган воқеага гувоҳ бўлиб, масжид яқинида яшайдиган одамларга ачиниб кетдим.
Ҳафтанинг жума кунларида жума намози, Рамазон ойида ҳар куни кечқурун таровиҳ намози ўқилаётган пайтда масжидлар жойлашган кўчаларнинг уч-тўрт соат ёпиб қўйилиши, машиналар ўтишига рухсат берилмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Бу намоз ўқиш учун тўпланган жамоатнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қилинади. Эҳтиёткорлик яхши, албатта. “Асраган тўқлини бўри емас”, дейди халқимиз. Дунёнинг турли бурчакларидаги бўлаётган нохушликлар, ёмонларнинг ёв қарашлари бизни асралишга, эҳтиёткор бўлишга мажбур қилади.
Бироқ мен гувоҳ бўлганим бу воқеада жамоат хавфсизлиги учун масъул шахсларнинг қилган ишини ҳар қанақасига ҳам оқлаб бўлмайди!
Кечқурун, таровиҳ намози ўқилаётган пайтда бир аёл машинасида келиб, йўлни беркитиб турган хизматчилардан ўтказиб юборишларини, уйига кириши кераклигини сўради. “Машинангизни бирор жойда қолдириб киринг”, деди ЙПХ ходимларидан бири. “Уйим кўчанинг ичкарисида жойлашган, пиёда юриб киролмайман, оғир операциядан чиққанман, иккинчи гуруҳ ногирониман”, деб тушунтирди аёл ва ногиронлик гувоҳномасини, ҳассасини кўрсатди. “Операциядан чиққан бўлсангиз, тез ёрдам машинасида юринг”, деб қўполлик қилди ходимлардан бири. “Мусулмонмисиз ўзи, намозни ҳурмат қилмайсизми? Биз фуқаролар учун ишлаяпмиз”, деб қўшилди ёнида турган бошқаси. “Мен фуқаро эмасманми? – деди аёл. – Сизлар-чи, сизлар мусулмонмисизлар? Уйимга тез киришим керак деяпман, болам иситмалаб ётибди. Дори олгани чиққандим”. “Нариги томондан айланиб ўтинг”, деди ходимлардан бири. “Нариги томондан келсам, масжиднинг орқасидан ўтиш керак, у ерда ҳам пост бор, йўлни ёпиб қўйишган. Ўтказиб юборинглар”, деди аёл. “Унда машинани қўйиб киринг. Ишингизни соат еттигача битириб олишингиз керак эди”, такрорлади ходимлар. “Иситма деганлари соат неччида чиқишини мендан ё сизлардан сўрайдими? Юриб киролмайман дедим сизларга. Устига устак, бир кило ҳам юк кўтаролмайман. Мана бу дориларни олиб кириб, тезроқ боламга ичиришим керак!” – икки пакет тўла дориларни кўрсатди аёл. “Машинани олинг бу ердан, штраф ёзиб юборамиз!”
Юрагим зирқиради. “Дарди йўқнинг олдида бошим оғриди дема”, деб шунга айтсалар керак-да. Бир ногирон, боз устига, уйида боласи касал ётган аёлни ўз уйига киритмай, кўчада чорасиз қолдириб, намозни ҳурмат қилишни талаб этаётган кимсаларни мусулмон деб бўладими? Уларнинг бу иши намозни миннат қилиш эмасми? Аслида ҳар ким намозни ўзи учун, ўз фарзини, суннатини адо этиш учун ўқимайдими? Одамларнинг дилини оғритиб, ҳаловатини бузиб, уларга малол келиб ўқилаётган намозлар Яратганнинг ҳузурида қабул бўлармикан? Ахир, мусулмонлик дегани, фарзни адо этиш билан бирга, ҳатто ундан ҳам олдинроқ, саховатпешалик, бева-бечора, етим-есир, касалманд ва ногиронларга ёрдам бериш, шу йўл билан ҳар лаҳзада покланиш, дегани эмасми?
Эҳтимол, ходимлар ўз хизмат вазифасини бажарди, деб оқлашга урингувчилар бордир? Саллани ол деган буйруқ тушса, ўзини яхши кўрсатиш учун каллани олгувчилар эмасми булар? Йўлларни ёпмай туриб, фақат масжиднинг атрофини қўриқлаб, хавфсизликни таъминлаб бўлмайдими? Лоақал, ўша кўчада яшайдиган аҳолини уйига кириб-чиқиши учун рухсат берса бўлади-ку. Ҳеч бўлмаса, юқорида тилга олганимиз воқеадаги каби ноиложларни истисно тутиш мумкин-ку!