Сиз кулинг,
мен томоша қилай —
кўзёш тўккандай масту мустағрақ.
Ҳузур топсин кулгингиз қучиб
нигоҳларим саси. (16)
Шу дамгача Уни эмас, Уни севишини севиб юрган қиз қўлидан энди узоқдан, сассиз, билдирмай кузатишгина келади. Қуёш ботиб, шом тушгандан то куннинг илк нурлари оламни ёритиб, кунгабоқарни табассум қилдирганга қадар шоира кутиш билан банд. Кутганда вақт ўтмайди. Унинг қадами теккан, тегиб қолиш эҳтимоли бўлган жойларда кўз чети билан илғаб қолиш истагида кутаётганда-ку айниқса. Шоира жисми улкан товушга айланиб қолган. Бу товуш сўроқми, ҳайратми, надоматми ёки қувончми — фақат ўзига аён. Чунки у ўзбек қизи, бўғиздан чиқарса, иснод бўлади, бутун уруғ боши эгилади:
Намозшомгул шивирига
кунгабоқар қиқирини улаб
кун тикдим.
Эгнимга илдириб судрадим
ўтмаётган вақтни
сен ўтган тарафларга.
Қара, қандай ярашган вужудимга
товуш тўлатилган жимжитлик. (20)
Ойдиннисо ўзбекнинг тафаккур тарзи, яшаш мароми, амал қиладиган қонун-қоидаларини пухта эгаллаб, сингдириб олган. “Ҳовур”даги ҳар бир сатр ортида китобхон кўпчилигимиз соғина бошлаган асл ўзбек қизи, унинг нозик андишаси ётганини сезади. Кун чиққунча ётиш — ўзбек қизи учун кечирилмас ҳолат. Нималар билан нечагача банд бўлганидан қатъи назар ўзбек қизи тонг билан бирга туриши лозим. Шу боис биз Ойдиннисонинг тонгни қучгани аслида уни қарши олгани, юракка юққан ранг — қиз қалбига ҳам кўчган софлик эканини англаймиз.
Тонгни қучиб кўрдим бугун
Юрагимга юқиб қолди унинг ранги.
... Қалбингизда тонгдай отгани келдим (21)
Шоира умидини узмайди — назарида севгилисининг қалби усизликдан зулматга айлангану қиз тонг каби нур олиб кириб ёритмоқчи. Балки йигит қиз туйғуларидан бехабардир, ҳатто шундай инсон мавжудлигини билмас. Аммо ноумид шайтон. Ахир:
Мен бойнинг қизиман!
Мерос қолган менга ота-онамдан
ялтиллаган яп-янги умид. (72)
Ойдиннисо нега бундай демоқда? Чунки у билади — инсон бор-будидан, яқинларидан, эркидан, соғлиғидан айрилиши мумкин, аммо умид мангу ҳамроҳлик қилади. Унинг ихтиёрида фақат умид бор. Қолган барчаси Яратганнинг омонати. Омонатни эса, кун келиб, қайтариш лозим.
Умид ўлса, ой тушар эди,
Қуёш-да учарди унга тенг. (32)
Умид ҳеч қачон узилмайди, узилиши мумкин эмас. У ҳолда дунё мувозанатини йўқотиб, ер ўқидан чиқиб кетади. Осмону ердаги барча нарсалар қоришиб, моҳиятини йўқотади. Буни яхши билган Ойдиннисо умидини узмасликда, орзу қилишда давом этаверади. Орзуси пучга чиқиши, алданишини била туриб ҳам умидини узмайди. Ҳар қандайин қиз каби севилиш, истаб-забт этилишни, куйдириб-кутдиришни хоҳлайди. Ёлғондан бўлса ҳам:
Мени хоҳланг, сизни рад этай,
Мени изланг, қочайин сиздан,
Сиз соғининг, мен эса ўтай
ёнингиздан ўтдаги муздай
... мени алданг, ишониб қолай,
Истамадим, алдандим дея (43)
Ижодкорнинг маҳорат даражасини белгиловчи бош омил — хаёлот кучи, тасаввур бойлиги ҳисобланади. Айнан тасаввур кучи билан шоира хоҳланаётганлигига, изланаётганлигига, соғинилаётганлигига ишониб рад этади, қочади, бепарво ўтади. Тасаввур эрки туфайли у гўёки рад этилмиш томонидан алданади, севишни истамаганига ишониб қолади.
Эрк билан боқдим тасаввуримни,
Либос олиб бердим унга хилма-хил:
кулгишакл, йиғишакл,
мутойиба, ўкинчшакл... (69)
Ойдиннисо ўзбек адабий тилига “кулгишакл”, “йиғишакл”, “ўкинчшакл” каби янги сўзлар қўшди. Балки бу сўзлар умуман истеъмолга кирмас, аммо ўқувчига ўз ва ўзгалар кечинмаларини тушуниш, тушунтиришнинг янги воситаси бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Кулгишакл ёки ўкинчшакл либосини кийган тасаввурни тасаввур қилиб кўринг-а? Демак, шоиранинг қувончи, ҳузуни, қаҳ-қаҳасию алами чин бўлмаган экан. Барчаси хаёлот маҳсули экан. Унда қайси туйғу ҳақиқий? Ё барчаси ниҳон, юракка кўмилганми?
Мен барини ичимга ютдим
Юрагимда илдиз отди ютганларим
Тепчиб ўсиб чиқди икки кўзимдан
Бор нарсанинг мутлақ йўқ бўлиб кетмаслиги барчага аён. Шу каби ичга ютилган кечинмалар йитмади, балки кўзларга чуқур мунг, сўзларга шикаста оҳанг бўлиб жойлашди.
Бу кечмиш
кечмоқда менинг ичимда,
Бир ўзим бебахтман,
бир мен бахтиёр
Қадим Шарқда оғир жиноят қилганларни ёлғизлик билан жазолашар экан. Чиндан ҳам, одамзот учун бундан мушкул синов йўқ. Агар баҳам кўришадиганинг бўлмаса