Ёз оқшоми. Қишлоқда тўй. Майдан эмас қиялаб тушган қиз нигоҳидан сарҳуш йигитлар даврани тўлдиради. Бошқалар енгил чапак чалганча четга чиқади.
Қулочлар кенг ёзилади, ер оёқларнинг оғир зарбидан титрайди, ичдан тошиб келаётган ҳайқириқлар овулнинг нарги бурчагига ҳам эшитилади. Ҳамма расо бўйдоқларнинг рақсига маҳлиё.
Шунда бир йигит, бир қизнинг тўйхонадан ғойиб бўлганини катталар сезмай қолади. Жўралар бир-бирига мийиғида кулиб қўяди, дугоналар бир-бирининг қулоғига нималарнидир пичирлаб, кафти билан лабларида ўйнаётган табассумни яширмоқчи бўлади.
Шунда тор кўчада олдинма кетин бораётган икки сояни тўлин Ой кузатиб қўяди.
Қизли остонага яқин қолганда илкис ҳаракат воқе бўлади. Ой ҳам сезмай қолади не бўлганини. "Ёмон экансиз...", деган араз аралаш эрка оҳанг ошиқ юрагидаги ўтни гуруллатиб юборади...
Тўйхонадан берида, анҳор бўйидаги толга суяниб турган йигитнинг қулоғига элас-элас қўшиқ киради:
"Қия-қия қирлардан қиялаб келган мен бўлдим...
Э-э-э-йййй, сарвинозззз..."
https://t.center/OtabekBaxtiyor