Бугун акамиз, катта шоир Шодмонқул Саломнинг тувилди куни!
Зебо, қўлларингни олма қўлимдан,
Олтин киприкларинг терма йўлимдан,
Не истасанг кутгил жунун тилимдан,
Фош бўлгим келяпти менинг шу кеча.
Зебо, ҳаётимда шамол бўлиб ел,
Кўнглим қирғоғига сув ичгали кел,
Кийикдай сувга кел, сувлар тубида
Тош бўлгим келяпти менинг шу кеча.
Армондай эшилган сочинг толлари,
Исёнга ўхшайди кўзинг йўллари,
Зулфингдан хабардор, кўзингдан огоҳ,
Қош бўлгим келяпти менинг шу кеча.
Зебо, иқболимга дунё бўйлолмас,
Камол камолимга яқин келолмас,
Бу жонни олмасанг, бу жон ўлолмас,
Лош бўлгим келяпти менинг шу кеча.
Эй, ўт, оташингда уч умр кўрдим,
Ит умрим соядек ортингдан юрди.
Қуш умрим қалбингда қафасда турди,
Ошиқ умрим, мана, минг ёшга кирди,
Ёш бўлгим келяпти менинг бу кеча.
Беш дона оққанддай бешта бармоғинг,
Ёмғирли тунимни аста чертади.
Зебо, қўлларингни олма. Қўлимдан
Шу кеча ҳаётим ўтиб кетади.
Зебо, қўлларингни олма қўлимдан,
Ҳилолдай термулай тирноқларингга.
Бешта ой чиқмоқда битта тунимдан,
Беш ой ботиб кетган титроқларингга.
Зебо, қўлларингни олма қўлимдан,
Фош бўлгим келяпти менинг шу кеча...
Шодмонқул САЛОМ
https://t.center/Najmiddin_Ermatov