БИЛМАЙ ТУРИБМАНТушимми-ўнгимми, билмай турибман,
Ҳаёт бўлсам керак, ўлмай турибман.
Соғинмай турибман муштоқлигимни,
Во ажаб, йиғига тўлмай турибман.
Баҳор нафасидан симирганим йўқ,
Дунё ҳавасидан семирганим йўқ,
Ҳижрон қафасидан ситилганим йўқ,
Во дариғ, озод қуш бўлмай турибман.
Шамолга эргашиб кетгим келарди,
Осмонга тенглашиб кетгим келарди,
Одам-ла кенгашиб кетгим келарди,
Издиҳом ичинда тулдай турибман.
Меҳр кўрмадилар мендан одамзод,
Бемеҳр кўрмадим сендан, одамзод.
Зулматда Яқубдек чекиб изтироб
Сўқирдай турибман, кўрдай турибман.
Қақраб ётибман мен висол онига,
Ташна бўлган каби одам қонига.
Кўкламда дон сепиб тўрт томонига
Ёмғир кутаётган чўлдай турибман.
Мурувват кўрсатсин менга ҳам олам,
Бу тилсиз дардимни аритсин ором.
Соқиё, майдан қуй, эй яхши одам,
Пиёла узатган қўлдай турибман.
Ҳаммадан чўққилар қадар дард қолди,
Ёмондан кўнглимга юққан гард қолди.
Рўёбга чиқмаган битта шарт қолди –
Майит қўйилмаган гўрдай турибман.
Тушимми-ўнгимми, билмай турибман,
Ҳаёт бўлсам керак, ўлмай турибман.
Балки ўлгандирман, балки ёронлар,
Тирилиб кетар деб кўммай турибман.
Тушимми-ўнгимми, билмай турибман...
Бек АЛИTelegram |
Facebook |
Instagram|
YouTube