View in Telegram
Термиз туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиларига хат Азиз ёшлар! Укаларим-сингилларим! Сизлар билан 2024 йил 25 декабр кунги учрашувимиз қисқа бўлди. Қайтиш чипталарини олиб қўйганимиз учун жуда оз фурсатда учрашувни якунладик. Сизларга албатта ўқишингиз керак бўлган тўртта китоб номини айтдим, холос. Изоҳ бермадим, “ўқинг, ўзгарасиз”, дедим. Мен йўлда қайтаётганимда мактабингиз ўқувчиларидан бири Санжар Исроилов китоблар рўйхатини айтиб юборинг, илтимос, деб менга ёзиб қолди. Бугун эса яна бир ўқувчи - Нурмуҳаммад Қурбоновдан шу мазмунда хабар олдим. Мен ҳозир сизларга ўша тўртта китоб баҳонасида яна бошқа гапларимни айтмоқчиман. *** 1. Вақтдан унумли фойдаланинг ва билим олинг Технологиялар асрида яшаяпмиз, кечаги кун бугунга ўхшамаяпти. Янгичароқ, бошқачароқ. Демак, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштиринг. Сунъий интеллект, дастурлаш, дизайн ёки бошқа соҳаларга қизиқсангиз, бу йўлни мустақил равишда бошлашингиз ҳам мумкин. Албатта, дастлаб бу жараён қийин туюлади, лекин билим йўлидаги ҳар бир қадамингиз сизга янги имкониятлар эшигини очади. Энг аввало, вақтингизни унумли бошқаринг. Ҳар кунингизни режалаштиринг, ўрганиш учун аниқ вақт ажратинг. Ҳозирги кунда бепул манбалар, онлайн курслар ва мобил иловалар жуда кўп. Масалан, дастурлашни ўрганиш учун Codecademy, Khan Academy, Coursera каби платформалардан фойдаланиш мумкин. Сунъий интеллект ҳақида маълумот олиш учун эса OpenAI ва бошқа таълим ресурсларига мурожаат қилинг. 2. Китоб ўқишга одатланинг Китоблар – билим ва тажрибаларнинг энг бой манбаи. Менинг ҳаётимга катта таъсир кўрсатган баъзи китобларни сизларга тавсия қиламан: Жек Лондон: "Мартин Иден" – инсоннинг орзу-умидлари йўлидаги курашлар ва иродани кучайтиради. Бугун ўзингиз орзу қилганларнинг даражасига етиб олишингиз, улардан ўзиб кетишингиз йўлини кўрсатади. Александр Дюма: "Граф Монте Кристо" – адолат ва мақсад ҳақидаги асар. Ҳаётда енгилмас кучингизни кашф қиласиз. Эрнест Хемингуэй: "Чол ва денгиз" – матонат билан умидсизликка қаршилик қилиб эришилган муваффақият ҳақидаги китоб. Пауло Коэло: "Алкимёгар" – орзу ва мақсад сари йўлдаги руҳий куч ва йўналиш ҳақидаги асар. Бу китоблар сизларга ҳаётдаги мақсадларингизни аниқлаб, ўз устингизда ишлаш йўлини кўрсатади. Ҳар куни камида 30 дақиқа вақт ажратиб, китоб ўқишга ҳаракат қилинг. Огоҳлантираман! Бу китобларни ўқиб чиқиш учун ҳам инсонга куч керак. Шуни ўқишим шартми, ўқимасам ҳам куним ўтадику, деган ўй-хаёлларни қувинг. Ахир сиз умрингизни шунчаки яшаб ўтмаслик учун яшаяпсиз! 3. Қийинчиликларни енгган инсонлар Тарихда қийинчиликларни енгиб, муваффақиятга эришган инсонлар жуда кўп. Масалан, Томас Эдисон 10000 марта муваффақиятсизликка учраган бўлса-да, лампочкани ихтиро қилди. Майкл Жордан, дунё тан олган баскетболчи, мактабда баскетбол жамоасидан чиқариб юборилган эди. Унинг ҳаракати ва шижоати натижаси бугун бутун дунёни ҳайратга солади. Шундай инсонларнинг ҳаётидан ўрганинг ва ўзингизга куч олинг. Улар каби сабр ва шижоат билан ҳаракат қилсангиз, сиз ҳам ўз мақсадларингизга етиша оласиз. 4. Ҳаракатдан тўхтамаслик Ҳеч қачон қўрқманг. Хатолар – бу ўқиш жараёнининг бир қисми. Ҳар бир муваффақиятсизлик сизга янги сабоқ ва куч беради. Устозлар ва тажрибали мутахассислар ёрдами керак бўлса, уларга мурожаат қилишдан уялманг. Тортинманг, менга ҳам ёзишингиз мумкин. Имконим қадар, билганимча ўргатаман, сиз билан суҳбатлашаман. Сиздан олдинги авлод қилган хатоларни такрорламанг. Токи, эртага ўзингиздан аввалгиларни айбламаслик учун. Ҳаммангиз яхши бўлинг, соғлом баҳс қилинг, эзгу мақсадларни бирлаштиринг. Сиздан кейингилар учун дунёни айнан сиз яхшилаб берганингизни ҳис қилишдан ортиқ шараф борми? Ҳар куни "Мен бугун ўз орзуларим учун нималар қилдим?", деб ўзингизга савол беринг. Ҳар бир кунингизни маъно ва мазмун билан ўтказинг. Дунёни ўзгартира олишингизга ишонинг. Айнан сиз ўзингиз истаган дунёни ўзгартира олишга қодирсиз! Яхши ниятлар билан, Исомиддин Пўлатов.
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily