ЙЎЛЛАР
Йўллар, бу қадим йўллар,
Нурдек бир қатим йўллар,
Гоҳо олис шафақдек,
Гоҳи бир одим йўллар.
Айтгил, равон йўл қайда,
Чароғон йўл бормикан?
Юртимнинг йўлларидай
Қадрдон йўл бормикан?
Дил тубида порлаган
Гўзал орзу сингари,
Йўллар чорлайди бизни
Келажак манзил сари.
Дилда тугарми орзу,
Умидлар ҳам мўл экан.
Асли инсон умри ҳам
Паст-баланд бир йўл экан.
Инсонки, гар истаса,
Қуш мисоли учгайдир,
Самоларга йўл топиб,
Юлдузларни қучгайдир.
Лекин кўҳна дунёнинг
Бир ҳикмати шул экан –
Барчасидан бир қалбга
Йўл топмоқ мушкул экан.