БАҲОРНИ АЛДАДИМ
Баҳорни алдадим бахтиёрман деб,
Кўнглим ўсаяпти дея кун сайин.
Негадир кўрмадим айтишимни эп
Қувончимни селлар ювиб кетганин.
Қушларни алдадим бойваччаман деб,
Истаганингизча берай деб ушоқ.
Мендай саховатли телбани кўриб,
Баралла кулди бир юраги қашшоқ.
Қўрқмай ичавердим беҳуда қасам —
Билмадим ким бўлдим, аввал ким эдим.
Кимларгадир бошим осмонда десам,
Бошқаларга осмон қўлимда дедим.
Қўрқмайман, ҳақиқат аталган учқун
Менинг истагимга солмайди соя,
Севгилим, сени ҳам алдашим мумкин –
Онт ичишим мумкин “ўлмайман” дея…
Жўрабек Рамазонов
@jorabekramazon