Бу ерда яшарди яна бир ҳайкал,
Яшарди нурдан-да ёрқинроқ санам.
Қай бир маъдан ила камол топганди
Ва қайси унсурин қизғанган олам?
Ҳеч ким англамади қалб таркибини
ва қандай оғриққа этилган пайванд.
Ҳисларини йўнди ҳайкалтарошнинг
Хоҳиш-истагию майлига монанд.
Паноҳ топди яна қабоқларида
Сабий томчиларнинг маъсумалиги.
Қалбида етимлик улғайган сайин
Исёни фош этди ёсуманлигин.
Яна тишларини тарошлади ва
Маҳтал забонига туширди қафас.
Ўзга бир ҳилқатнинг иштиёқида
Руҳига пуфлади бегона нафас.
У - тўкилган киприк, соғинч шаклида
Қалқитди кимнингдир ҳаёт жомини.
Фақат у англарди бутун дунёнинг
Ва тоғдан қулаган тошлар номини.
Аёл - бу дунёнинг пойзаминига
Ўз ҳилқати аро берган зеб, сайқал.
Сен итоат кўрган яратиқларнинг
Кўксида ўт бордир, жисмида ҳайкал.
Бу ерда яшарди яна бир ҳайкал,
Яшарди яна бир ҳайкалтарош ҳам...
https://t.center/GulhayoAVRON