View in Telegram
ЭРТАК Балки бундан ортиқ сукунат бўлмас, Балки қараб бўлмас оламга лоқайд. Аммо не дейишни билмайман, болам, Кўзларинг жавдираб, ёниб турган пайт. Ўшанда ёз эди, қовжираган боғ Бағрида ўйнаган бир ҳовур эдим. Ўшанда ёз эди, қирмизи шафақ Тонг-ла қовушгандан бунёд нур эдим. Онам қарздор бўлди. Жасорат қарзи Туғилди кузакнинг нурли тунида. Онам қарздор эди, дарддан тўлғаниб Ва мен ҳам шу қарз-ла келдим дунёга. Ва яна босилди умид тамғаси Яна гарданимда ишонч отли юк. Сен билмайсан, болам, кўздаги қўрқув Кўнгил поклигини қаритган зулук. Шундан сўнг кўп тонглар отди қайтадан, Шундан сўнг қаърига ботди кўп тунлар. Шундан сўнг юраксиз болаларини Топширди дунёга юкли хотинлар. Бешиклар ўртанди, тебранди ғамдан, Зеҳни хира тортди келажакнинг ҳам. Руҳсиз нигоҳлардан кутиб жўшқинлик Ўтмишнинг бўғзига қадалди алам. Дунё ҳам кўп туққан аёлдай ночор, Тимсоллар, тилсимлар йўқ бунда ортиқ. Болам, Олам қувончимас қўлингни тутган, Йўқликнинг қўрқинчи кутмоқда интиқ. Худодан қўрқишга ўргатди бизни, Тўкилди саловат титроқ кафтлардан. Овозин боғлашди оналарининг Ҳижоб деб ном олган кишанлар билан. Ва яна чарчатди қалтираб яшаш, Чиранган мушаклар бўшашди, ҳайҳот. Ҳар она дунёга келтирди ўзин Қутқарувчи умид, қасос ва нажот. Шундан сўнг туғилди қарздор болалар, Шундан сўнг торайди жумлайи жаҳон. Шундан сўнг узилмас қарзларим билан Мен иккиқат бўлдим сенга, болажон. Балки бундан ортиқ ҳайқириб бўлмас, Балки қараб бўлмас оламга уйғоқ. Болам, аламдийда қуллар юртида Келажак ёруғ деб алдашим гуноҳ. https://t.center/GulhayoAVRON
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily