бир тош бор,
бу гумбаз ичида ёлғиз,
кўзида чайқалар мунаввар андуҳ.
йилларни алдайди(занглар тошойна)
жонида кезинар бир лайливаш руҳ…
қайғусин Сангтарош йўнар мукаммал,
хотир ипларига чанг солиб яшар.
айби-йиғлолмайди,
дийдаси қаттиқ,
тошлиги ўзига жуда ярашар...
бу гумбаз ичида (о,қандай аянч!)
тегирмоннинг тишлари билан,
яшалмаган ҳислари билан,
гул ёдининг излари билан
жонсарак кунлари кечар йўқликда.
тоғларга уролмас мағрур бошини
юмалаб-юмалаб кулар…оғриқдан!
дунёсин ўрайди тобора мискин,
қушлар севгисининг афсоналари.
соғинчлар кўмилган қорачиғига
сачраб кетар туннинг паймоналари.
бир тош бор,
бу гумбаз ичида ёлғиз
қайғусин Сангтарош йўнар мукаммал...!
Г. Уралова
2020.
@Gulbashakkar