Қуйида шеъри келтирилган шоир ҳозирда Нурота туманида жойлашган “Мурувват уйи”да ҳар саҳар қуёшни қарши олмоқда. Билишимча, ушбу шеър ёзилганига 40 йилдан ошган.
МЕН ИШҚИМНИ СИР ТУТАДИРМАН
Мен Ишқимни сир тутадирман,
Ғунчаларга беркитадирман.
Ғунча тонгда сўкилиб кетар,
Ишқ оламга тўкилиб кетар.
Ким у келган, шамолми дайди?
У севгимни алдай бошлайди.
Унга айтгин, айт, нари турсин,
О, шамолнинг бетлари қурсин!..
Ишқ сийратин олиб кетади,
Билмам кимга ҳадя этади?..
Мен ишқимни сир тутадурман,
Нур толага беркитадирман,
Нур кўзимда синиб кетади,
Борлиққа ишқ иниб кетади.
Ким у келган, хаёлми дайди?
У борлиқни аврай бошлайди.
Унга айтгин, айт, нари турсин.
О, хаёлнинг бетлари қурсин!.
Ахир бизни алдаб кетади,
Алдов кучи кўпга етади...
Мен ишқимни сир тутадурман,
Кўзларимга беркитадурман.
Кўз-кўзларга чопиб боради,
Ўз эгасин топиб олади...
Ким у келган, кўнгилми, дайди?
Шу инжиқдан кўнглим тўлмайди...
У инжиса, инжиган сайин,
Дунё хароб бўлмоғи тайин.
Мен ишқимни сир тутадирман,
Билмам, қайга беркитадурман?.
Олим ТОШЕВ