***
Юриб келган эдик қайси тоғлардан
Ва қайси боғларда завқланган эдик…
Тандирга бош суқиб турган чоғларда
Кетимизни ўпар оч қолган этик.
Тунлари қолади оёқ излари
Ушалиб улгурган йўлак юзида.
Тарбия қилмадик ахир қизларни,
Не тарбият топти – фақат Ўзидан.
Нонлар харид қилдик, экдик буғдойлар,
Дастурхонлар ёзиб, рўзалар тутдик.
Лаш-лушларни шундоқ чўнтакка жойлаб,
Хивичдан тўкилдик – қон қусиб тутдек.
Мана, маҳдуд эмас, қаранг, эркинлик
Қонимизга кирар ҳавасдан сизиб.
Тунлар йўлда қолар оч қолган этик
Ва Ўзи юқтирган қизларнинг изи.
2024
ФЕРУЗШОҲ