БОМДОД
О иблислар жамланган фикр!
О Азозил қўриб ётган дил!
Нечун хаёлларим қилмайди зикр?
Нечун калимадан тўхтамайди тил?
Ҳар бир ўтаётган улкан дақиқа
Аёқлари билан ақлимни янчар.
Мен шеърлар тўқийман жаннат ҳақида:
Нархланган аёлнинг вужуди қанча?!.
Йўқ-йўқ, бари оний, менинг измимда
Фақат юрак қолар, қолар маломат
Ва лекин тош отмас ҳеч кимга зимдан
Эътиқоди ҳазин сотқин аллома.
Тағин руҳланаман, мисли қўғирчоқ
Илҳом парисининг чилтор ноласи
Келаётган куйга очаман қучоқ –
Туғилар парининг ўгай боласи.
Фақат лаънатламанг, сиғмасди ҳаддим,
Ахир қалбим покдир, сўзларим ростдир.
Шунчаки бир савол қийнайди – қадим:
Қуёшни осмонга Ким Қачон осди?!.
Қўшнилар бехабар, қушлар бехабар,
Бехабар руҳимнинг ҳожалари ҳам –
Таъқиқ мевасини тишлаган маҳал
Лаззат туйганмиди ҳеч йўқса Одам?!
Етар, бас! Бас овоз, тўйдирма жондан!
О иблис макони – фикрлар, кетинг.
Наҳот инсон қадри қиммат жаҳонда
Қуёшнинг нурлари шу қадар текин?!
…бўғзимда!
Ана у!
Менинг қиёфам
Тобора кучлироқ сиқади қўлин:
Улкан коинотда қилар зиёфат
Қиймати бир чақа бўлмаган ўлим…
2024
ФЕРУЗШОҲ