View in Telegram
ДАРАЖАСИ БАЛАНДЛАР УЧУН! Ассалому алайкум, даражаси баланд ўқирманлар. Фейсбукнинг статистикасини текширсам, ёзган ҳикояларимни ўқиганлар сони 28 кунда 1 миллиондан ошибди. Хурсанд бўлдим. Адашмасам, 6 - синф эдим. Бир Янгамуллом: "Баҳодиржон, туман газетасида мақолангиз чиқибди. Ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Ёзаверинг, сизни келажакда 10 минглаб одамлар ўқийди!" деган эдилар. Айтганча, Сизларда амакининг хотинини, тоғанинг хотинини нима дейди? Бизда "Янгамулло" дейилади. Ҳақиқий Самарқандча талаффуз қилмоқчи бўлсангиз, "Янгамулло"даги "У" харфини пенсияга чиқариб юборасиз. "Янгамло" бўлади)) Хуллас, шу "Янгамулло"ни ўзингизга ёқадиган қилиб таржима қилиб олаверинг. Хоҳласангиз, Кенчаби, хоҳласангиз Кенойи, хоҳласангиз чеча денг. Фақат "Анави сувилон янга" демасангиз бўлди)) Хуллас, ана шу Янгамуллом бизнинг уйимиздан иккита олдинги уйда яшардилар. Кўчага қараган деразаси бўларди. Уёққа ўтсам ҳам, буёққа ўтсам ҳам ўша деразадан бошимни суқиб, янгамуллом, амакимлар билан саломлашиб, сухбатлашиб кетардим. Янгамуллом мен шу пайтгача учратган янгамуллоларнинг ичида энг яхшиси эди. Мени бир бурдалигимдан бошлаб сизлаб гапирардилар. Ўта билимли, ўта дунёқараши кенг аёл эдилар. Ҳеч қачон бировни ғийбат қилмаган, маиший майда-чуйда гаплардан йироқ ДАРАЖАСИ БАЛАНД аёл эдилар. Қачон уйларига борсам ё намоз ўқиётган ё газета ўқиётган бўлардилар. Бир воқеа эсимдан чиқмайди. Бир куни маҳалламизда қўй боқиб ўтирибман. Янгамуллом иккита оғир сумкани кўтариб келаябдилар. Икки сумка мариновка, компот, икра ёпилган банкалар. Югуриб бориб, битта сумкани қўлларидан олдим ва "Бунча банкаларни қаерга олиб кетаябсиз?" дедим. "Журабек аканизга Тошкентга почта юбораябман. Акангиз мен ёпган банкаларни яхши кўради. Сиз ҳам яхши ўқинг Баҳодиржон. Насиб этса сизга ҳам банкалар жўнатамиз" дедилар. Журабек акам ўша пайтда Дипломатия университетига 1- ўринда бюджетга ўқишга киргандилар. Кейин, магистратурани АҚШда ўқиб келдилар. Математикадан 36 та тестдан 36 та тўғри ечадиган камсонли инсонлардан эди. Ҳозирда халқаро компанияда ишлайдилар! Журабек акамнинг, мана шу муваффақиятлари, мана шунақа билимли бўлишларида- Янгамулломнинг хиссалари жуда катта бўлган. Билимли болаларни билимли оналар тарбиялайди. Ҳамма болаларини яхши кўрадиган, умрини фарзандларига бағишлаган, мард аёл эдилар. Икки йил олдин, Япониядан қишлоғимизга қайтганимда ҳам олдиларига бориб, анча сухбатлашган эдик. Бир йил олдин, Худони хоҳиши билан оламдан ўтдилар. Эшитиб юрагимдан бир нарса чирс этиб узилганди. Янгамуллом билан бирга болаликдаги хотираларим ҳам кетгандек эди гўё. Аяжонимнинг энг яхши дўсти, энг яхши устози эдилар. Илоҳим, қабрлари нурга тўлсин! Жойларингиз жаннатда бўлсин, Матлуба янгамулло! Сизни яхши кўрганмиз ва яхши кўрамиз! Шунақа гаплар, азизлар! Ишонинг, бу дунё ғийбат, фасод, фитна, бир-биримизни ёмон кўришимизга арзимайди. Кирликлардан йироқ, самимийликка яқин, маиший муаммоларга ўралашиб қолмаган ДАРАЖАСИ БАЛАНДЛАРДАН БЎЛИШ ҳаммамизга насиб қилсин! https://t.center/BahodirIskandarov
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily