#17_ноябр
#Кечириладиган_даврнинг_Қадр_кечаси
#Талабалик_битиги
ЭРИНИШ
Эриниб кўчага чиқмадинг бугун,
Алдадинг. Мен эса яна тушдим чув.
Ахир бугун – осмон эринмаган кун!
Ахир... бирдан йўққа чиқди учрашув.
Фонус мулгиб борар тунга беланиб,
Хиёбон қўйнига кирар қора қор.
Кўлмак хуррак отур музга ўраниб,
Сукунатни кийиб олди дарахтзор.
Манфий ўн олтига энди ҳарорат,
Қорним чалиб бошлар толиблик куйин.
Қоним эриняпти... энди ҳарорат,
Совитишга ўтди кўнглимнинг уйин.
Қор ҳам эриняпти ерга тушгани,
Шамол кўзларимни юлар берилиб.
Ҳайҳот қишда қолган муз ҳайкалчани,
Наҳот ўйламайсан, мени... эриниб?!
Лаҳзалар жон берди, лаҳзалар чексиз,
Фақат сен чорлашинг мумкин ёнишга.
Яна ўн дақиқа қолсам гар сенсиз,
Эрина бошлайман нафас олишга.
@Alibek_Anvariy