Ватан хизмати
Боболар шани бу муқаддас тупроқ,
Чин фарзанд бўлсанг гар, тут мардлар йўлин.
Бўғзида сўнгги сўз Нажмиддин Кубро:
Мустақил Ватан ё шарафли ўлим.
Эр шани олдида ширин жон надир,
Надир бу дунёлар, надир бу борлиқ?!
Она Ватан учун юрак ёнадир,
Мардларнинг номига юрт ишқи ёрлиқ.
Эркинлик берилмас — Ҳақ йўли вожиб,
Битта айтилар гап — иккиси увол.
Жон истаб ким юртдан кетaркан қочиб,
Келажак авлоди топади завол.
Тилло қудрат эмас — моддийлик абас,
Жасорат - бизлардан энг буюк мерос.
Асл насл қилмас ўзгага ҳавас —
Боболар йўлини айлайди эъзоз.
Жасорат юракка берилган сайқал,
Шарафли манзиллар — мардлар қисмати.
Олий эҳтиромдан тикланур ҳайкал,
Энг буюк жасорат — Ватан хизмати.
©️ Вафо Мўмин
Барча ватан хизматидагиларни табриклаймиз!
@VafoMumin — холис фикр минбари✅ Telegram | 🌐 Instagram | 📹 Youtube