290-модда. Мол-мулкни хатлаш
Ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши шарт. Ашёвий далил деб эътироф этилган мол-мулкни ўзлаштиришнинг, харж қилиб юборишнинг, яширишнинг, йўқ қилиб ташлашнинг ёки шикастлантиришнинг олдини олиш мақсадида ушбу мол-мулк ҳам хатланади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгар оиласининг нормал турмушини таъминлаш учун зарур бўлган уй-жой, квартира, уй анжомлари ва жиҳозлари, кийим ва буюмлар хатланмайди.
Турар жойлар ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, мулк шаклидан қатъи назар, давлатга хоинлик қилиш, конституциявий тузумга, Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш, терроризм, қўпорувчилик жиноятлари содир этиш учун фойдаланилган ёхуд бу жиноятлар қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик ёки бошқа оғир, ўта оғир жиноятлар билан боғлиқ бўлган ҳолларда — бу жойлар хатланади.
Хатлаш мулкдорга ёки мол-мулкнинг эгасига мол-мулкни тасарруф қилиш, зарур ҳолларда эса, ундан фойдаланиш ман этилганлигини эълон қилишдан ёхуд мол-мулкни тортиб олишдан ва уни сақлаб туриш учун бошқа шахсларга топширишдан иборатдир.
Мол-мулкни хатлаш суриштирувчининг ёки терговчининг қарори бўйича прокурор розилиги билан ёхуд бу тергов ҳаракатини бажаришни тергов органига топширишга ҳақли бўлган суднинг ажрими бўйича амалга оширилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда мол-мулкни хатлаш прокурорнинг розилигисиз ҳам амалга оширилиши мумкин, лекин кейинчалик йигирма тўрт соат ичида прокурор қарор ва баённома нусхаси илова қилинган ҳолда хабардор қилинади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар суриштирувчининг ёки терговчининг прокурорга юборилган хабарномасида асослантирилиши лозим.
Хатлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда у ким томонидан, қачон ва қайси иш бўйича чиқарилгани, нима мақсадда ва кимнинг мол-мулки хатланиши лозимлиги, фуқаровий даъвони таъминлаш учун хатланаётганда эса, хатланаётган мол-мулк суммаси ҳам кўрсатилади.
Суриштирувчи ёки терговчи ҳукмнинг мулкий ундириш ёхуд мулкий йўсиндаги жазо қисмининг ижросини таъминловчи чораларни кўрмаган тақдирда, ишни юритаётган суд уларга бундай чораларни кўриш мажбуриятини юклайди.
Мол-мулкни хатлаш тўғрисида қарор чиқарилгандан кейин суриштирувчи ёки терговчи томонидан гаров реестрига бир кун ичида тегишли ёзув киритилади, мол-мулкни хатлаш ҳақида суд ажрими чиқарилгандан кейин эса, қонунчиликка мувофиқ ваколатли бўлган органлар томонидан уч сутка ичида шундай ёзув киритилади.
Фуқаровий даъвони қаноатлантирганда ёки бошқа мулкий ундиришларни қўллаётганда ҳукм қонуний кучга киргунига қадар, башарти олдин чора кўрилмаган бўлса, суд ҳукмнинг шу қисми ижросини таъминлайдиган чоралар кўриш ҳақида ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Дипломатия ваколатхоналари биноларидаги ва дипломатия вакилларига қарашли мол-мулкни хатлашда ушбу Кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган қоидаларга риоя қилиниши лозим.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz