Тошкентда келгуси йилдан йўл кира нархи нақд пулда ошади, автобусларда нақд пулдан воз кечилади
Тошкент шаҳар ҳокими қарори лойиҳасига кўра, 2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф 3 000 (уч минг) сўм этиб белгиланади.
Бунда бир йўловчи қатнови учун 1 (бир) марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда – 1 700 (бир минг етти юз) сўм ундирилади.
Қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган транспорт карталарининг ва транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилади.
Тошкент шаҳри йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади ва йўлкира ҳақини фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.